Британия разведкаси: Россия Украинада ядро каллаклари учун мўлжалланган эски ракеталардан фойдаланмоқда
Уларнинг катта самара бермаётгани маълум қилинди.

Россия Украинага қарши ядро зарбаларига мўлжалланган эски қанотли ракеталардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия ҳарбий разведкасининг навбатдаги ҳисоботида сўз боради.
Британия мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу ракеталардан ядро зарядлари олиб ташланмоқда ва улар ҳеч қандай каллаксиз учирилмоқда.
“Очиқ манбаларда эълон қилинган суратларда AS-15 Kent (Х-55) ҳавода фойдаланиладиган ракеталарнинг қолдиқларини кўриш мумкин. У катта эҳтимол билан уриб туширилган”, – дейилади ҳисоботда.
Разведканинг қайд этишича, ушбу ракеталар 80 йилларда яратилган ва ядро каллакларини олиб юришда фойдаланилган. Улар кичик ҳудудни вайрон қилса-да, аниқ мақсадларни йўқ қила олмайди.







