Наманганда 16 ёшли ўсмир ўзганинг автомашинасини олиб қочиб, ЙТҲга учради
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ўзганинг автомашинасини олиб қочган фуқаро йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 21 ноябрь куни Чортоқ туманида яшовчи 29 ёшли А.О. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат 02:30 ларда номаълум шахс яшаш хонадони олдида унга тегишли бўлган “Nexia-2” русумли автомашинасининг қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, олиб қочиб кетилганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ишлар натижасида жабрланувчига тегишли бўлган “Nexia-2” русумли автомашина номаълум шахс томонидан Поп тумани “Қўшминор” МФЙдан ўтувчи А-373 Тошкент–Ўш автомобиль йўлининг 249-километрида дастлаб йўл четидаги бетон устунга урилиб, сўнгра пастликка тушиб кетган ҳолда топилган.
Мазкур жиноятни содир этган шахсга дастлаб биринчи тез-тиббий ёрдам кўрсатилиб, шахсига ойдинлик киритилганда у муқаддам судланган Чортоқ туманида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли М.А. эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчига жиддий шикаст етмаганлиги сабабли унга нисбатан қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








