Малайзиянинг янги бош вазири ўзига ажратилган Mercedes'дан воз кечди
Шунингдек, у ҳукумат таркибини қисқартириш ва вазирлар маошини камайтиришини айтган.

Малайзиянинг янги бош вазири Анвар Иброҳим давлат харажатларини камайтириш мақсадида Mercedes S600 қимматбаҳо автомобилидан воз кечишга қарор қилди. У бу ҳақда ўз Facebook саҳифасида маълум қилган.
"Мен Mercedes S600 автомобилидан воз кечишга қарор қилдим. Менинг ишим қўшимча харажатларга сабаб бўлишини истамайман. Бунинг ўрнига администрациям ихтиёридаги бошқа исталган машинадан фойдаланаман", — деган Малайзия ҳукумати раҳбари.
25 ноябрда Иброҳим вазирлар сонини ва уларнинг ойлик маошини ҳам қисқартиришини айтганди.
19 ноябрда Малайзияда умумий сайловлар бўлиб ўтди. Унинг якунида ҳеч қайси партия ва коалиция парламент қуйи палатасида кўпчилик ўринни эгаллай олмади. Шундан кейин турли партиялар коалициясини тузиш зарурати юзага келди. Аммо томонлар бу бўйича келишувга эриша олмади. Якунда Малайзия султони Анвар Иброҳимни бош вазир этиб тайинлади.







