Қашқадарёда “Камаз” вояга етмаган пиёдани уриб юборди
Вилоят ИИБ ҳодиса оқибатларини маълум қилди.

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар қилди.
Автоҳалокат жорий йилнинг 22 ноябрь соат 12:30 ларда Самарқанд–Ғузор автомобиль йўлидан Ғузор тумани томон ҳаракатланиб кетаётган “Камаз” ҳайдовчиси томонидан содир этилган. Ҳайдовчи Н.Б. Қамаши тумани “Узун” МФЙ ҳудудининг 124-километрига келганда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган Қамаши тумани “Узун” МФЙда яшовчи вояга етмаган Қ.С.ни уриб юборган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳати олиб, вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши туман ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг ажримига асосан айбланувчи Н.Б.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.








