Қозоғистондаги шаҳарлардан бири 30 даражали совуқда иссиқлик таъминотидан узилди
Бунга маҳаллий ИЭСдаги носозлик сабаб бўлган.

Қозоғистоннинг Экибастуз шаҳрида иссиқлик таъминоти ишдан чиқди. Шаҳарда -30 даражали совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қилмоқда.
Ҳодисага ИЭСдаги носозлик сабаб бўлган. Оқибатда бир неча иситиш қозонлари тўхтаб қолган. Шаҳардаги барча таълим муассасалари масофавий ишлашга ўтган.
Павлодар вилояти ҳокими Экибастузга етиб келган. Кейинчалик авариявий ҳолат бартараф этилган бўлса-да, бироз вақт ўтиб иссиқ сув қувурларидан бири ёрилиб кетган. 28 ноябрга ўтар кечаси 17 кўп қаватли уй, бешта ижтимоий объект ва 21 юридик шахслар биносига иссиқлик етиб бормаган.
Шаҳар ҳокими Экибастузда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Воқеага Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Токаев маъмурияти ҳам муносабат билдирган. Хусусан, Президентнинг матбуот котиби Руслан Желдибай шаҳар аҳолисига ёрдам кўрсатилишини маълум қилган. Токаев мамлакат бош вазири Алихан Смаиловга муаммоли энергетик объектларни давлат ихтиёрига қайтаришга топшириқ берган.







