Энди илк бор чиқиндидан қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқарилади
Пеллет ишлаб чиқариш лойиҳаси икки мамлакат ҳамкорлигида ишга туширилгани айтилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида чиқинди маҳсулотларидан қаттиқ ёқилғи (пеллет) ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 минг тоннани ташкил этади. Завод ишга тушиши натижасида 20 та янги иш ўрни ташкил этилди.
“Муқобил ёқилғи турларидан бири ҳисобланган мазкур қаттиқ ёқилғи маҳсулотидан хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини иситишда фойдаланилади”, дейилади хабарда.
Завод Энергетика вазирлиги ва Корея энергетика агентлигининг ҳамкорликдаги навбатдаги лойиҳаси бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот республикамизда муқобил ёқилғи турини ривожлантиришга ва энергия ресурсларини тежашга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, пеллет – турли хил дон экинларининг сомони, маккажўхори пояси, деярли барча ўсимликларнинг илдизлари ва барглари, ёғочни қайта ишлашдан чиққан чиқиндилар ҳамда маиший чиқиндилардан тайёрланади.







