Тошкентда ИИБ ходими тунда ўлдириб кетилди
Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ маълумот берди.

Бугун, 30 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ИИБ ходими хизмат вақтида ўлдириб кетилди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 00.50 ларда Олмазор тумани ИИО Фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими профилактика инспектори катта лейтенант Н.Бобомуротов туманнинг “Ғалаба” маҳалласига тезкор чақирув бўйича етиб борган. У хизмат вазифасини бажараётган вақтида муқаддам судланган, 1992 йилда туғилган фуқаро Б.З. ходимнинг ҳаётига тажовуз қилиб, воқеа жойидан яширинган.
Н.Бобомуротов воқеа жойида вафот этган. Ҳозирда ходимнинг ҳаётига тажовуз қилишда гумонланаётган шахсни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Воқеа тафсилотлари тўлиқ ўрганилгандан сўнг, жамоатчиликка қўшимча маълумот берилади”, — дейилади хабарда.








