Андижонда ОАВ учун 32 млрд ажратилгани айтилди
Ҳолатга вилоят ҳокимлиги изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Андижонда маҳаллий бюджетдан маданият ва оммавий ахборот воситалари учун 32 миллиард сўм сарфлангани, амалда эса ҳудудий телеканал ва нашрларга бир сўм ҳам берилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг 2022 йил 30 ноябрдаги “Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг 2022 йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида”ги қарорида Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг 2022 йил 9 ойлик ижроси тасдиқланган.
2-иловадаги шакл маҳаллий бюджетнинг ижроси бўйича ҳисобот шакли бўлиб, ушбу ҳисобот шаклида маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳалари бир сатрда кўрсатилади.
Мазкур қарорнинг 2-иловасида ҳақиқатдан ҳам Маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳаси учун 32 595 191 минг сўм режалаштирилиб, 31 959 805 минг сўм маблағ йўналтирилганлиги кўрсатиб ўтилган.
Ушбу маблағларнинг 143 796 минг сўми кутубхоналарни, 8 462 198 минг сўми ахборот-кутубхона марказларини, 1 330 342 минг сўми кўзи ожизлар учун кутубхоналарни сақлашга, 1 895 944 минг сўми музейлар, кўргазмалар ва кўргазма залларини, 9 548 764 минг сўми маданият саройлари ва маданият уйлари, клублар ва клуб типидаги муассасаларни сақлашга, 6 191 352 минг сўми театрлар, филармониялар, мусиқа жамоалари ва ансамблларига, 2 243 032 минг сўми Республика Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимини сақлаш харажатларига, 1 653 441 минг сўми бошқа маданий-маърифий муассасалар ва тадбирларга, 490 935 минг сўми вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ва Республика Кинематография агентлиги вилоят бўлимини сақлаш харажатларига йўналтирилган.
Сақлаш харажатларига ишловчи ҳодимларнинг иш хақи ва ижтимоий солиқ харажатлари, ташкилотнинг коммунал тўловлари ва бошқар харажатлари киради.
Бюджет кодексининг 71-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан амалга ошириладиган харажатлар таркибига “теле- ва радиодастурлар яратиш ҳамда уларни тарқатишга доир хизматлар таъминоти ва уларга ҳақ тўлаш, оммавий ахборот воситаларини сақлаб туриш харажатлари” киритилмаган, яъни маҳаллий бюджетлардан телевидения ва оммавий ахборот воситаларини сақлаб туришга маблағ ажратилиши кўзда тутилмаган.
“Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентликлари Республика бюджетидан молиялаштирилишини ҳисобга олиб, маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмаслигини маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.








