АҚШда тарихдаги энг қиммат дори сотувга чиқди
Дори ёрдамида одам гемофилиядан халос бўлади.

Америка Қўшма Штатларида дунёдаги энг қиммат дори воситасидан фойдаланишга рухсат берилди. Бу ҳақда “Oddity Central” ёзмоқда.
Қайд этилишича, препарат Hemgenix деб аталади. Унинг бир инъекцияси тахминан 3,5 миллион долларга баҳоланган. Дори ёрдамида одам гемофилия – қон ивишининг бузилишидан халос бўлади.
Ҳозиргача стандарт муолажалар беморларнинг қонида етишмаётган оқсил миқдорини етарли даражада ушлаб туриш учун доимий инъекцияларни талаб қилган, аммо янги дори туфайли гемофилия билан оғриган беморларга буткул даволаниш учун препаратнинг бир дозаси етарли бўлади.
Муаммо шундаки, бир шиша Hemgenix 3,5 миллион доллар туради, бу эса препаратни тарихдаги энг қиммат дорига айлантиради.
Экспертларнинг фикрига кўра, препарат муваффақиятга эришиш имкониятига эга. Негаки, гемофилия учун мавжуд даволаш усуллари ҳам катта пул талаб қилади.








