Бухоролик эркак ИИБда вафот этгани айтилмоқда
Ҳозирда ҳолат Бош прокуратура назоратига олинган.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳар ИИБ биносида 1985 йилда Вобкент туманида туғилган фуқаро Ҳ. Қ. вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарда айтилишича, марҳум машина савдоси билан шуғулланган, харидорлар билан пул бўйича муаммо келиб чиққан, ИИБ ходимлари бўлимга чақиришган. 29 ноябрь куни марҳумнинг укасига телефон қилиб, акангни олиб кет дейишган. Марҳумнинг укаси ИИБ биносига келса, акангни тез ёрдам олиб кетди дейишган.
Марҳумнинг яқинлари тез ёрдам биносига боришса, марҳум аллақачон вафот этган бўлган. Унинг танасида қийноқ ва жароҳат излари, хусусан бош қисми қаттиқ шикастланганлигини кўришган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилаётгани ва натижалари ҳақида батафсил маълумот берилиши маълум қилинди.








