Норов ЕХҲТ қийин кунларни бошдан кечираётганини маълум қилди
Ўзбекистон ТИВ раҳбари ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида сўзлаган нутқида ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни билдирди.
ЕХҲТ қийин кунларни бошидан кечираётгани, иштирокчи давлатлар ўртасидаги ишонч даражаси пасайгани, зиддиятли вазиятлар тез-тез учраётгани таъкидланди.
Бундай шароитда геосиёсий рақобат ва мафкуравий қарама-қаршиликлардан холи мулоқот, шунингдек, иштирокчи-давлатлар дуч келаётган барча мураккаб муаммоларнинг ечимларини биргаликда излаш ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга ва бу ЕХҲТ кун тартибининг асоси бўлиб қолиши керак.
Шу нуқтайи назардан, Норов йиғилиш иштирокчилари эътиборини Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббуси”нинг долзарблигига қаратди. Ушбу ташаббус дунё давлатлари ва халқларининг маданий, миллатлараро, динлараро ўзаро муносабатларни ривожлантириш орқали мавжуд қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни юмшатиш мақсадида саъй-ҳаракатлари бирлаштиришга қаратилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ЕХҲТ доирасидаги ҳамкорларини ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.







