Ўзбекисонда нега бирдан короновирус авж оляпти?
ССВ ҳолат бўйича маълумот берди.

Ўзбекистонда “омикрон”нинг ВА.5 варианти доминант версияга айланди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, мамлакатда ноябрь ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморлар сони сезиларли даражада ортмоқда. Хусусан, кеча республика бўйича 159 кишида касаллик рўйхатга олинган.
Ўсиш динамикаси, аввало, кунлар совиб, одамлар асосий вақтини ёпиқ бино ва иншоотларда ўтказаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, COVID-19нинг юқумлилик даражаси юқори бўлган янги мутациялари беморлар сони кўпайишига сабаб бўляпти.
Ўзбекистонда “омикрон”нинг қайси субварианти доминант версияга айланганини аниқлаш мақсадида жорий йил 10-12 ноябрь кунлари Республика махсус 1-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига госпитализация қилинган 27 нафар бемордан тиббий намуналар олинган.
Шундан сўнг ушбу таҳлиллар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида секвенлаш жараёнидан ўтказилган. Натижада 27 нафар бемор “омикрон” штаммининг BA.5 субварианти билан зарарлангани маълум бўлган.
BA.5 субвариантининг яширин даври бошқа штаммлар сингари 5-6 кун эмас, 2-3 кунни ташкил этяпти.








