ЙПХ ходимлари наркотестердан фойдаланиши мумкин
Бу бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Вазирлар маҳкамасининг қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, йўл-патруль хизмати ходимларига транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлашда наркотестер махсус техник воситасидан фойдаланиш ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чора кўришга рухсат берилмоқда.
«Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёки биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик ёхуд психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади», — дейилади хабарда.







