Тошкентда даҳшатли ЙТҲ: Ласетти 6 кишини уриб юборди
Ҳодиса оқибатида вафот этганлар бор.

Бугун, 4 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат бўйича шаҳар ИИББ маълумот берди.
Автоҳалокат соат 06.15 ларда Учтепа тумани Фарход кўчасидаги 2-уй рўпарасида юз берган. 1996 йилда туғилган ҳайдовчи Р.И. Lacetti русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, 1982 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги Nexia—3 билан тўқнашиб, олти нафар пиёдани ҳам уриб юборган. Шундан сўнг йўл четида ҳаракатсиз турган 1995 йилда туғилган М.В. бошқарувидаги Matiz русумли автомашина билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида Lacetti ҳайдовчиси ҳамда тўрт нафар пиёда турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Икки нафар пиёда олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисасининг сабаби Lacetti ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириб, руль бошқарувини йўқотган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзгатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








