Тошкентда хусусий боғча ёниб кетди
Ҳодиса жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажи юборилган.

Кеча, 3 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги хусусий боғчада ёнғин чиқди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 02:00 да Шайхонтоҳур тумани “Жарариқ” МФЙ Жарариқ кўчасида жойлашган хусусий боғчада ёнғин келиб чиққанлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра 4 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 02:03 етиб борган ва ёнғин соат 02:30 да қуршаб олиниб, соат 02:46 да бартараф этилган.
Ёнғин натижасида бино 2-қаватининг 200 квадрат метр майдонда ички ва том қисми ёниб зарарланган. Қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари туфайли ёнғиндан бинонинг 300 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








