450 дан ортиқ фуқаронинг картасидаги пулларни "ухлатган" жиноий гуруҳ қўлга олинди
Улар Телеграм орқали гуруҳ ва каналлар очиб, одамларнинг ишончига кирган.

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида яшовчи Н.М. ариза билан мурожаат қилиб, Телеграм мессенжерида номаълум шахс фейк хабар орқали унинг банк картаси бошқарувини қўлга киритиб, жами 2.780.000 сўм пулларини ечиб олганини билдириб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни бир гуруҳ шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб содир этгани аниқланган.
Жиноий гуруҳ аъзолари Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси билан судланган, 2006 йилда туғилган А.А. ва унинг акаси 2001йилда туғилган А.Ш., Бухоро вилояти Когон туманида яшовчи, Тожикистон Республикасида 1985 йилда туғилган Н.Б. ва унинг ўғли 2006 йилда туғилган Б.Д. экани маълум бўлди.
Гуруҳ сохта ҳаволалардан фойдаланиб, Телеграм мессенжеридаги гуруҳ ва каналларда ёлғон хабарларни тарқатиб жами 454 нафар фуқаронинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштирган.
Гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







