Буюк Британия Эрон-Россия ҳарбий ҳамкорлигидан хавотирда
Бирлашган Қироллик ушбу ҳамкорликни халқаро хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоламоқда.

Буюк Британия Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликдан жиддий хавотир билдирди. Бу ҳақда Бирлашган Қироллик ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Эрон РФга қурол етказиб берувчи асосий давлатлардан бирига айланди. Дипломат буни глобал хавфсизликка таҳдид деб баҳолаган.
“Бунинг эвазига Эрон режимига Россия ҳарбий ва техник ёрдам кўрсатмоқда ҳамда шу тариқа Яқин Шарқдаги ҳамкорларимизга ҳамда халқаро хавфсизликка таҳдидларни оширмоқда”, – деган ТИВ раҳбари.
Клеверли Буюк Британия ҳар икки давлатни жавобгарликка тортмоқчи эканини ҳам қайд этган.
Москва ва Теҳрон бир неча бор ўзаро ҳарбий-техник ҳамкорликни инкор этган. Аммо 5 ноябрь куни Эрон ТИВ Россияга ҳақиқатдан ҳам чекланган миқдорда дронлар етказиб берилганини тан олди. Шу билан бирга бу Украина урушидан бир неча ой олдин бўлгани таъкидланган.
Оқ уйдаги айрим манбаларга кўра, эронликлар бунинг эвазига Россиядан юқори технологияли қуроллар олмоқда. Қанотли ракеталар, замонавий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари шулар жумласидандир.







