Чирчиқда бозорқўм ва нон сотувчилар жанжаллашди
Вилоят ИИБ ҳодиса тафсилотларини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги деҳқон бозорида бозорқўм билан сотувчилар ўртасида жанжал содир бўлгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИБ матбуот котиби Бобур Тўлаганов расмий изоҳ берди.
Аниқланишича, жараёнда иштирок этган 56 ёшли фуқаро Т. Т. (1-кичик ноҳия деҳқон бозори маъмурияти бошлиғи) шу бозорда нон сотувчи аёл ва унинг 22 ёшли ўғли билан улар нон растасидан ташқарида савдо қилаётганлиги учун тортишган ва бу воқеа жанжалга айланган.
Иштирокчиларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги сабабли тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун судга юборилган.
“Якуний натижа бўйича жамоатчилик учун батафсил маълумот берилади”, — дейилади хабарда.








