Тошкентдаги мактабда шам ёруғида дарс ўтилди
Ҳолатда ҳокимлик муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 280-мактабда ўқувчилар шам ёруғида машғулот ўтаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, сурат жорий йилнинг 6 декабрида олинган. Чунки 6 декабрь куни мактаб жойлашган мавзеда катта носозлик юз берган ва ортиқча юклама бўлгани учун трансформатор подстанциясида шахмат тахтаси тартибида электр қуввати вақтинча ўчирилган.
Ўша куни мактабдаги 66 та синфхонадан 17 тасида электр таъминоти бўлмаган. Булутли об-ҳаво сабаб эрталаб синфхоналарда одатдаги кунларга қараганда ёруғлик пастроқ бўлган ва ўқитувчилардан бири ўз ташаббуси билан шам ёққан.
Муаммо юзасидан мактаб маъмуриятининг Чилонзор туман халқ таълими бўлими ва ҳокимлик ҳузуридаги штабга етказган хабарига кўра, 7 декабрь куни тармоқдаги муаммо туман Электр тармоқлари корхонаси томонидан бартараф этилган. Ҳозирда мактаб электр қуввати билан тўлиқ таъминланган.








