“Боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз лавозимимдан воз кечардим”
Ички ишлар вазири ўринбосари ИИБ биносида ўсмирнинг вафот этганига муносабат билдирди.

Аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги ИИБ биносида 15 ёшли ўсмирнинг вафот этгани хабар қилинганди.
Вилоятнинг Учкўприк туманида яшаган, 2007 йилда туғилган Р.А. 16 октябр куни Бувайда туманидаги “Ансор” савдо мажмуасига ота-онасининг назоратисиз айлангани борган. У ўғирлик қилмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланган ва Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юборилган.
17 октябрь куни Р.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетгани сабабли унга тез тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ шифохонага олиб кетилаётган вақтида бола вафот этган.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Бекмурод Абдуллаев ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Бир норасидани вояга етказиш қанча машаққат талаб этади?! Эсласам, ҳамон юрагим оғрийди. Бу ҳолат ҳақиқий совуққонлик бўлди. Хатога йўл қўйган ходимлар қамоққа олинди. Ўзим бошчилигимда аттестация комиссияси ташкил этилди. Ходимлар тўлиқ шаҳодатлашдан ўтади.
Тан оламан, бу воқеа тизимнинг кечирилмас хатоси бўлди. Бир йил олдин Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисида”ги низомни ишлаб чиқишда бош-қош бўлганмиз. Масъулиятни бўйнимизга олганмиз. Президентга мазкур тизимни “ипидан игнасигача” тўғри ташкил этиш учун сўз берганмиз. Президент олдида ҳам уятлимиз.
Ишонинг, агар шу боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун керак бўлса, мен ҳеч иккиланмай, ўз лавозимимдан воз кечардим”, – деди Бекмурод Абдуллаев.








