Боррель Туркияни огоҳлантирди
ЕИ Анқарани Москвага санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам беришда гумонламоқда.

Европа Иттифоқи Туркияни Россияга қарши санкцияларга амал қилишга чақирди. Бу ҳақда ЕИ бош дипломати Жозеп Боррелнинг Funke нашрига берган интервьюсида сўз боради.
Туркия Украинада қуролли можаро бошланганидан кейин Россияга экспортни кескин оширди ва рус нефтини сотиб олишни кўпайтирди. Боррель Брюссель ва Анқара ўртасида божхона иттифоқи тузилганига эътибор қаратган. Бу икки минтақа ўртасида товарларнинг эркин айланишини назарда тутади. Бу орқали ҳарбий ва тинчлик мақсадларида ишлатилиши мумкин бўлган маҳсулотлар Туркияга кириб келиши, бу ердан эса Россияга реэкспорт қилиниши мумкин.
ЕИ дипломатияси раҳбари Анқарани Москвага санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермасликка чақирган. Бу бўйича Евроиттифоқнинг турк томонига хавотир ва шубҳалари турли даражаларда етказилгани таъкидланган.
Туркия ва Россия президентлари август ойидаги учрашувида иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга келишиб олганди. Ғарб компаниялари катта эҳтимол билан РФ билан савдо алоқаларини турклар орқали давом эттирмоқда.







