Косово ҳукумати Европа Иттифоқига аъзолик аризасини имзолади
“Косово фуқаролари учун бошқа муқобил йўл йўқ”, деди Воса Османий.

Косово маъмурияти вакиллари Европа Иттифоқига кириш тўғрисидаги аризани имзолади. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри ёзмоқда.
Маросимда Косово маъмурияти раҳбари Воса Османий, маҳаллий ҳукумат бош вазири Альбин Курти ва парламент раиси Глаук Конюфца иштирок этди.
“Бугун тарихий кун. Бугун биргаликда мақсадимиз сари қатъий қадам ташламоқдамиз. Бугун биз Европа Иттифоқига бир қадам яқинлашдик” — деди Воса Османий.
Унинг сўзларига кўра, Косово фуқаролари учун бошқа муқобил йўл йўқ.
Аксарият этник албанлар истиқомат қилувчи Сербиянинг Косово ва Метохия автоном вилояти 2008 йилда қонли можародан сўнг бир томонлама равишда Сербиядан мустақиллигини эълон қилганди. Кўпгина Ғарб давлатлари бу қадамни тан олди, аммо Белград бу ерларни Сербия давлатининг ажралмас қисми деб ҳисоблашда давом этмоқда. Европа Иттифоқига аъзо бешта давлат — Испания, Кипр, Греция, Словакия ва Руминия унинг мустақиллигини тан олмайди ва унинг Иттифоққа қўшилиш имкониятини кўриб чиқа олмайди.








