Андижонда поезд “Damas”ни уриб юборди
Ҳолат бўйича вилоят ИИБ маълумот берди.

Бугун, 17 декабрь куни Андижон вилоятининг Избоскан туманида поезд ва Damas иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумот берди.
Ҳодиса соат 13:50 ларда Избоскан тумани ҳудудидан ўтган “Пойтуғ” темирйўл оралиғи 169-километр 10-пикетда жойлашган қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида юз берган. Унда UZLR 0307-сонли электровоз ҳамда Damas ўзаро тўқнашган.
Маълум бўлишича, 1988 йилда туғилган фуқаро Б.Ё. ўзининг бошқарувида бўлган Damas русумли автомашинасида темирйўл кесишмасидан ўтаётган вақтида туман тушганлиги сабабли ҳаракатланиб келаётган электровозни кўрмай қолиши оқибатида унинг йўлига чиқиб юборган.
Ҳодиса оқибатида Damas ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.








