Тошкентда фуқаролар ҳаётини хавфга қўйиб сақланаётган нефть маҳсулоти аниқланди
Ҳолат бўйича вазирлик маълумот берди

16 декабрь куни Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзнефтгазинспекция», ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирлар давомида нефть маҳсулотларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги Чирчиқ бўйи кўчасида жойлашган “HETING OIL” МЧЖга қарашли ҳудудда ностандарт металл сиғимлар ва елим идишлар ҳамда синтетик қопларда сақланаётган жами 27 980 литр нефть маҳсулоти аниқланган.
Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги «Қоплонбек» чегара пости яқинида жойлашган, автотураргоҳ ичида бўлган 86 дона 10 литрлик ностандарт елим идишларда жами 860 литр нефть маҳсулотлари ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига зид равишда, фуқароларнинг ҳаётини хавфга қўйган ҳолда сақланаётганлиги маълум бўлган.
Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.








