Андижонда туман сабаб 10 га яқин машина ЙТҲга учради
Ҳолат бўйича вилоят ИИБ маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон–Шаҳрихон йўлида қуюқ туман тушгани ва йўл музлагани сабабли ўнлаб машиналар иштирокида ЙТҲ содир бўлгани айтилган видеохабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, Асака тумани ҳудудидан ўтган А373 халқаро аҳамиятга эга бўлган йўлнинг 420-километрида 8 та автомашиналар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Автотранспорт воситалари техник шикастланган. Ҳозирда Асака тумани ЙҲХГ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Барча ҳайдовчилардан айни кунлардаги ноқулай об-ҳаво шароитида тезликни оширмасдан, оралиқ масофани сақлаган ҳолда ҳаракатланишларини сўраб қоламиз”, — дейилади хабарда.








