Андижонда бир кунда 10 дан ортиқ машина ЙТҲга учради
Вилоят ИИБ бунинг сабабини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрида 4 та автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида видеохабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ маълумот берди.
Маълум бўлишича, бугун, 19 декабрь куни соат 16:00 ларда Олтинкўл тумани ҳудудидан ўтган 4Р-130 автомобиль йўлининг 2-километрида 3 та автомашина иштирокида тўқнашув содир бўлган.
KIA русумли автотранспорт ҳайдовчиси туман сабабли ўзидан олдинда, светофорнинг қизил ишорасида тўхтаб турган Nexia ҳамда Laсetti автомашиналарини кўрмай қолиб, уларнинг орқа қисмига келиб урилган. Оқибатда учала автомашина ҳам техник шикастланган. Тан жароҳати олганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоятнинг Асака туманида 8 та автомашина иштирокида тўқнашув юз берганди. ЙТҲ халқаро аҳамиятга эга А-373 автомобиль йўлининг 420-километрида содир бўлган. Оқибатда транспорт воситалари техник шикастланган.








