Россия Қримда хандақлар қазимоқда. Бу нимани англатади?
Украина разведкасига кўра, бу Киев томонидан десант ҳужумининг олдини олиш учун қилинмоқда.

Россия қўшинлари аннекция қилинган яриморолда хандақ қазишни бошлади. Украина разведкаси бу Киев томонидан десант ҳужумининг олдини олиш учун қилинаётганига амин.
Укариналикларнинг шу йўл билан жанубда “иккинчи фронт” очишга кучи ва имконияти борми?
1944 йил 6 июн куни эрталаб Буюк Британия, Канада ва Америка қўшинлари Франсия шимолидаги Нормандия пляжига ҳаво ва денгиз ҳужумини амалга оширганди.
Босиб олинган Франсия қирғоқларини назорат қилган Германия кучли мудофаа тизимини яратган бўлсада, иттифоқчиларнинг операцияси муваффақиятли бўлди.
Иккинчи фронтнинг очилиши фашистлар Германиясининг қулашини анча яқинлаштирди. Муваффақиятли қўниш Гитлерга қарши коалиция қўшинларининг кучи ва жасоратини намойиш этганди.
Нормандияда воқеаларини такрорлаш мумкинми?
15 декабр куни Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси Россия Қримга қарши эҳтимолий десант операциясига қарши қизғин тайёргарлик кўраётганини маълум қилди. Разведка маълумотларига кўра, «Молочное» қишлоғи яқинида руслар миналар ва хандақлар тармоғини ўрнатган.
Декабр ойи бошида Украина ҳукуматига яқин Телеграм каналлари ва ОАВда Қримнинг бошқа пляжларидаги хандақлар фотосуратлари пайдо бўлди.
“Улар денгиз қирғоғи бўйлаб хандақ қазишмоқда. Мен тушунганимдек, Москва жуда хавотирда ва Украина Қуролли кучларининг ҳужумига ишонишади”, — дея изоҳ берди Украина президентининг Қримдаги вакили Тамила Ташева.
Россия томонидан назорат қилинадиган Қрим расмийлари бу маълумотга ҳеч қандай муносабат билдирмади. Фақатгина аннекция қилинган яриморол раҳбари Сергей Аксёнов 18 ноябр куни ҳудудда маҳаллий аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қанча “мустаҳкамлаш ишлари” олиб борилаётганини айтди.
Аммо асосий савол бошқача: Украина армияси Нормандияни такрорлаши, яъни душман қирғоқларига тушиши мумкинми?
1944 йил июн ойида Иттифоқчилар операциясида 156 000 аскар ва 7 000 га яқин кемалар қатнашган.
“Бироқ Украина захиралари анча заиф. Керакли куч ва воситалар деярли йўқ”, — деди истеъфодаги капитан Андрей Риженко BBCга.
Ягона десант кемаси “Юрий Олефиренко” бундан 50 йил олдин сувга туширилган. У олтитагача танк ва 180 га яқин парашютчини олиб юриши мумкин. Россия қўшинлари Украина кемасини кенг кўламли босқин бошланганидан кейин йўқ қилишга уринишларига қарамай, у ҳали ҳам хизмат қилмоқда.
“Аммо қўниш операциясида ундан фойдаланишнинг маъноси йўқ”, — дейди Риженко.
Аввало, Украина душман қирғоқларига ўтиш хавфсизлигини таъминлаши керак.
“Қўшинларни қуруқликка тушириш учун ўтиш йўлининг бутун узунлиги бўйлаб денгиз назоратини таъминлаш керак. Чунки русларнинг ракета ва самолётлари жуда кўп, ҳатто биз фуқаролик кемаларидан фойдалансак ҳам, уларни йўқ қилиш қийин”, — деб ёзган у.
Мутахассиснинг қайд этишича, Қрим пляжларидаги мудофаа иншоотлар руслар ярим оролни тактик десантлардан эмас, балки Украина қўпорувчи гуруҳлари кириб келишидан ҳимоя қилишмоқчи.
Украина махсус кучларининг мобил гуруҳлари тинчгина қирғоққа қўнишга ва Россия армиясининг қирғоқ инфратузилмасига ҳужум қилишга уриниши мумкин, деб ишонади Риженко.
Бу қаерда ва қачон содир бўлиши мумкин?
Украина қуролли кучларида бундай операциялар учун зарур жиҳозлар мавжуд. Мисол учун, Киев Ғарб иттифоқчиларидан бир неча ўнлаб резина қайиқларни олди. Улар кичик ва маневрли бўлиб, бу жанговар қисмларни душман қирғоғига келишига имкон беради.
Россия аллақачон Украина Қуролли кучларининг бундай операцияларини бошлаганини эълон қилган. Хусусан, 13 ноябр куни “РИА Новости” украиналикларнинг Херсон ва Николаев вилоятлари чегарасидаги Кинбурн ёйига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.
Украина томони бу вазиятга изоҳ бермади, бироқ “Жанубий” оператив қўмондонлиги Кинбурнни озод қилиш операцияси ҳамон давом этаётганини маълум қилди. 14 ноябр куни эрталаб Украина Мудофаа вазирлиги ўзининг ижтимоий тармоқларида украиналик ҳарбийлар гуруҳининг енгил қайиқларда ҳаракатланиши тасвирланган қисқа изоҳсиз видеони эълон қилди.
Ҳарбий доиралардаги манбаларга кўра, Кинбурнда рус қўшинлари қирғоқни худди Қрим пляжларидан олинган фотосуратдаги каби жиҳозлаган. Украина томони худди шундай чораларни Одесса қирғоғида босқиннинг бошида, Россия қўнишининг ҳақиқий хавфи мавжуд бўлган пайтда амалга оширган эди.








