Саида Мирзиёеванинг ўқитувчилар бўйича ташаббуси халқаро миқёсда эътироф этилмоқда
Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчилар қадри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гапирганди.

Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ўқитувчилар қадри, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида гапирганди.
«Афсуски, фарзандларимизга таълим бераётган ўқитувчилар йиллар давомида ҳақ-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, қадрсиз бўлди. Улардан боғбон, фаррош, мактабга келган комиссияларга хизмат кўрсатувчи официант, зерикарли тадбирларда бўш залларни тўлдирувчи ‘массовка’, матбуот нашрларига мажбурий обуначи, тунги навбатчи ва мактаб қоровули сифатида фойдаланилди.
Энди бу ишларни тўхтатиш вақти келди. Чунки ўқитувчилар қадрини кўтармас эканмиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тез орада қабул қилиниши кутиляпти», — деган эди у.
Унинг бу чиқиши МДҲнинг қатор давлатлари депутатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Россия Думаси депутати Артём Кирянов бу муаммо Россияда ҳам долзарб эканини айтди.
«Президент администрацияси ижро этувчи аппаратининг коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этишни бас қилишни таклиф қилган чиқишини кўрдим. Унинг нутқи барча ҳудудларда жамоатчилик эътиборини тортди. Бу рамзий маънога эга, чунки келаси йил бизда «Ўқитувчилар ва мураббийлар йили» деб эълон қилинган.
Россия тарихини эсласак, мамлакатимизда ўқитувчилик доим энг ҳурматга лойиқ, инқилобдан аввал эса — энг кўп маош тўланувчи касбларда бири бўлган. Ўқитувчи ўқувчилар ўртасида ҳам, ота-оналар ўртасида ҳам обрўга эга бўлган. Аслида ҳам бу айни ҳақиқатдир, чунки айнан ўқитувчилар ёш авлодга ахлоқий тарбия асосларини бериб, бизнинг умумий келажагимизни шакллантиради. Аммо кейинчалик жамиятга сезилмас тарзда таълим ва тарбия беришдан таълим хизматини кўрсатишга ўтиб кетилди ва шунга яраша ўқитувчиларга муносабат ҳам ўзгарди. Ҳозир буни тўғрилашнинг айни пайти», — деган депутат.
Россия Давлат думасининг яна бир депутати — бокс бўйича оғир вазндаги собиқ жаҳон чемпиони Николай Валуев ҳам Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.
«Бу муаммо Россияда ҳам жуда долзарб. Шу сабабли Саиданинг фикрларини тўла қўллаб-қувватлайман», — деди Валуев.
Қирғизистонлик депутат Бахридин Шабазов ушбу ташаббусни Қирғизистонда ҳам жорий этишни таклиф қилди.
«Саида Мирзиёеванинг ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ташаббусини тўла қўллаб-қувватлайман. Бу ташаббусни Қирғизистонда ҳам жорий этиш лозим. Биз ўқитувчиларни ҳимоя қилишимиз ва уларни ўзларининг тўғридан-тўғри вазифаларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган кўпинча ҳақоратли вазифаларни бажаришдан қутқаришимиз керак», — деди Бахридин Шабазов.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистон Президенти Администрацияси Ижроия аппарати сектор мудири Саида Мирзиёеванинг яқинда сўзлаган нутқига изоҳ бериб, ўқитувчиларни хизматкор қилишни тўхтатишга чақирди.
Мария Захарова ўзининг Telegram каналида таъкидлашича, Саида Мирзиёеванинг ҳиссиётли нутқи Россияда ҳам акс садо берди, бу рамзий маънога эга, чунки келаси йил “Ўқитувчи ва мураббийлар йили” деб эълон қилинган.
Мария Захарованинг сўзларига кўра, Россияда ўқитувчилик касби ҳар доим энг ҳурматли касблардан бири бўлган, ўқитувчи ҳам ўқувчилар, ҳам ота-оналар учун обрўли бўлган. Аммо кейин ўқитувчига муносабат ўзгарган.
“Биз буни тузатиш зарурлигига ўз вақтида эътибор қаратдик. Бу муаммо постсовет ҳудудидаги кўплаб мамлакатларга тааллуқли. Бу, айниқса, МДҲда Рус тили йили деб эълон қилинган 2023 йилда долзарб, чунки бу кўп миллатли мамлакатларда барқарорлик ва тотувликни сақлашда муҳим роль ўйнайди, шунингдек, фан ва олий таълим соҳасида янги марраларни очади”, — дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга анъанавий Мурожаатномасида ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш тўғрисидаги бандни мамлакат Конституциясига киритиш зарурлиги ҳақида фикр билдирган эди.







