Бухорода маданият бўлими ходими пора билан ушланди
Тезкор тадбир унинг яшаш уйида ўтказилган.

Бухоро шаҳар маданият бўлими ходими ўз уйида пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, маданият бўлими ҳисобчиси (1982 йилда туғилган) ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, бошқа бир фуқарони алдаб, уни маданият бўлимига кутубхоначи вазифасига ишга киритишни ваъда қилган ва бунинг эвазига 2 млн 200 минг сўм талаб қилган.
Жорий йилнинг 16 декабрь куни Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида у ўзи яшаб келаётган уйида талаб қилинган пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







