Тошкентда автомашина ойналари синдириб кетилмоқда
Ҳолатга шаҳар ИИББ муносабат билдирди.

Кеча, 22 декабрь кун Тошкент шаҳрида бир кун ичида учта автомашина ойналари синдириб кетилди. Ҳолатга шаҳар ИИББ расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2001 йилда туғилган А.С. Чилонзор тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, унга тегишли бўлган Gentra русумли автомашинасининг олд ҳайдовчи ён ойнаси синдирилгани ва автомашина ичида бўлган 500 минг сўмлик соати ўғирланганини маълум қилган. Шу куни 1995 йилда туғилган Р.Х.га тегишли бўлган Cobalt русумли, 1977 йилда туғилган Е.Б.га тегишли Spark русумли транспорт воситаларининг олд ҳайдовчи ён ойнаси синдирилганлиги, лекин автомашинадан ҳеч нарса йўқолмаганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








