20 та идора тугатилиб, вазирлик штатлари 30 фоизгача қисқартирилади
Бу бўйича Президентнинг тегишли Фармони қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўплиги, кераксиз штатлар борлиги, марказлашув юқорилигини, оқибатда бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётганини қайд этган эди.
Шу муносабат билан Давлатимиз раҳбари ихчам va самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш, Ҳукумат, вазирликлар ва ҳокимликларнинг иш фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, улар фаолиятининг мезони сифатида фақат ва фақат одамларни рози қилишни белгилаш мақсадида кенг кўламли маъмурий ислоҳотларни илгари сурган эди.
Узоқ тайёргарлик кўрилган ва чуқур таҳлил қилинган ушбу ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ҳаётида тарихий аҳамиятга эга ҳужжат – “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон va унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича қарор имзоланди.
Янги фармон ва қарор билан нималар ўзгаради?
Энг аввало, 2023 йил 1 январдан бошлаб:
- Ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқартирилмоқда. Бунда, 20 та идора тўлиқ тугатилмоқда;
- барча вазирликларнинг штатлари 30 фоизгача қисқартирилади;
- илғор хорижий тажрибалар асосида давлат бошқаруви идоралари фақат вазирлик, қўмита, агентлик va инспекциядан иборат бўлади. Бунда, вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоққа кирувчи қўмита, агентлик va инспекцияларга раҳбарлик қилади.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилади.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилди.
Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилади.
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамаси тизимини қуйидаги вазирликлар ташкил этади:
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Тоғ-кон ва геология вазирлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
Табиат ресурслари вазирлиги;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Сув хўжалиги вазирлиги;
Рақамли технологиялар вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
Транспорт вазирлиги;
Маданият ва туризм вазирлиги;
Мудофаа вазирлиги;
Энергетика вазирлиги;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Ташқи ишлар вазирлиги;
Ички ишлар вазирлиги;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.







