Шольц Украинага танк бермагани учун танқид қилинди
Расмий Берлин Украина низоси бошлангандан буён Киевга танк етказиб бермаган. Бу бўйича сўровлар бир неча бор инкор қилинган.

Германия парламенти — Бундестагнинг мудофаа қўмитаси раҳбари Мари-Агнес Штрак-Циммерман канцлер Олаф Шольцнинг Украинага қурол етказиб бериш сиёсатини танқид қилди. У ҳукуматни Киевга узоқ муддатли ва олдиндан режалаштирилган ҳарбий ёрдам беришга чақирган.
Унинг фикрича, режалаштирилган етказиб беришлар Украина армияси ва НАТО билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилиши лозим.
“Россия Украинадаги террорни тўхтатмайди. Германия яқин ойларда қўллаб-қувватлаш бўйича ўз ҳамкорлари ягона сценарийни ишлаб чиқиши керак”, – деган Штрак-Циммерман.
Депутатнинг сўзларига кўра, Германияда аниқ стратегия йўқ. Бу келажакда катта муаммони келтириб чиқариши мумкин.
Сиёсатчи Берлиннинг Украинага танклар етказиб бермаётгани тушунарсиз ва хавотирли эканини айтган.
“Мен биз нима учун танклар бермаётганимиз ҳақида баҳоналардан чарчадим. Айниқса, бу Россиянинг алоҳида провокацияларини келтириб чиқаради, деган баҳоналардан. Биз ўзиюрар гаубицалар, зенит тизимлари, артиллерияни муваффақиятли етказиб бердик. Танклар ҳозир Россия кучларини сиқиб чиқаришда муҳим восита бўлган бўларди”, – деб қўшимча қилган қўмита раҳбари.
Расмий Берлин Украина низоси бошлангандан буён Киевга танк етказиб бермаган. Бу бўйича сўровлар бир неча бор инкор қилинган. Германия расмийларининг фикрича, бу қадам эскалацияни янада кучайтириши мумкин.







