“Док-1 Макс” воқеасини фош қилганлар нега ишдан олинди?
Ҳолатга расмийлар муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда “Док-1 Макс” воқеасини фош қилган тиббиёт ходимлари ўз вазифасидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Севара Убайдуллаева изоҳ берди.
Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолат бўйича вазифасидан озод этилган 7 нафар тизим мутасаддиси ва тиббиёт ходими ўз вақтида ССВга хабар бермаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда болаларда кузатилган ҳолат бошланганига 2 ойдан ошганлиги ўз тасдиғини топган.
“Ваҳоланки, тизимга доир ҳар бир фавқулодда ҳолат бўйича шу куннинг ўзида вазирликка тезкор маълумот тақдим этиш зарурлиги тўғрисида тегишли меъёрий ҳужжат ва талаблар мавжуд. Шунга қарамай, бу ходимлар 2 ойдан бери бу ҳолат тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар бермаган”, — дейди Севара Убайдуллаева.
Оқибатда жуда катта вақт бой берилган. Яъни болалар ўртасида ноаниқ ҳолатлар юз бергач, зудлик билан бу бўйича тўғридан-тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берилмаган.
“Ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳам мазкур ҳолат юзасидан жуда кеч расмий хат киритилган. Шу сабабли қонунчиликда берилаганган тартибда тегишли чоралар кўрилди ва ўрганишлар давом этмоқда”, —дейди бошқарма бошлиғи.








