Тошкентда номаълум шахс банкоматдан пул ўмарди
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Кеча, 30 декабрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида банкоматдан пул ўғирланди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 06:30 ларда номаълум шахс Яшнобод тумани “Жарқўрғон” кўчасида жойлашган савдо дўконининг олдида ўрнатилган банкоматдан ўғрилик содир этган. Хабар юзасидан зудлик билан воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи етиб борган. Тергов ҳаракатларини олиб бориш, далилларни ва изларни аниқлаш мақсадида жиноят содир этилган ҳудуд ўрнатилган тартибда ўраб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни тўлиқ фош қилиш мақсадида малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








