2023 йил Россия ҳарбий полигонларида 8 та халқаро машғулот ўтказилади
Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Россия Қуролли кучларининг қуруқликдаги қўшинлари 2023 йилда Россия полигонларидаги саккизта халқаро машғулотларда қатнашади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигига таяниб, «Спутник» нашри ёзмоқда.
Маълум қилинишича, «Индра–2023» Россия-Ҳиндистон машғулотлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг “Тинчлик миссияси – 2023” биргаликдаги аксилтеррор ўқув штаб машғулоти ҳамда Россия-Лаос машғулотлари бўлиб ўтади.
Бундан ташқари, «Дўстлик-2023» Россия-Покистон ҳарбий машғулотлари, Россия–Жазоир, «Чегара–2023» Марказий Осиё минтақасида тезкор муносабат билдирувчи бўлинмалари билан машғулот, «Селенга-2023» Россия–Мўғулистон қўшма машғулоти ва Россия–Ветнам ўқувлари режалаштирилган.
Таъкидланишича, манёврлар тинчлик ўрнатиш ва аксилтеррор хусусиятига эга бўлади.
“Россия Федерациясидан ташқарида Арманистон ҳудудида КХШТнинг “Мустаҳкам иттифоқ–2023” тинчликпарвар контенгентининг қўшма машғулоти ўтказилади”, — дейилган хабарда.








