Бухоро шаҳридаги уйда газ портлади
Ҳодиса кеча тунда юз берган.

Кеча, 2 январь куни Бухоро шаҳридаги хонадонларнинг бирида газ портлаши юз берди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, соат 23:45 ларда Бухоро шаҳрининг «Низомий» МФЙ ҳудудидаги «Мустақиллик» кўчасида жойлашган 2 қаватли уй хонадонларидан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши рўй берган. Чақнаш натижасида ёнғин содир бўлмаган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Уйнинг ошхона эшик ромлари жойидан силжиб, зарарланган.
Воқеа жойига зудлик билан вилоят ФВБ, ИИБ, ССБ, Прокуратура, Ҳудудгазтаъминот ва бошқа тегишли ташкилот ходимлари етиб борган. Ҳозирда содир бўлган ҳодиса юзасидан Бухоро шаҳар ИИБ тезкор тергов гуруҳи томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








