Жанубий Корея “кўринмас” дронлар ишлаб чиқаришни кескин кўпайтирмоқчи
Бунга КХДРнинг ҳаракатлари сабаб бўлган. Шимолий Корея учувчисиз қурилмалари 26 декабрь куни Жануб ҳаво чегарасини бузиб ўтиб, Сеулга учиб борганди.

Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мамлакат мудофаа вазирлигига “кўринмас” дронларни оммавий ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берди. Уларни ишлаб чиқаришни бошлаш 2023 йилнинг охирига режалаштирилган.
Ушбу қарор Жанубий Кореянинг учувчисиз қурилмаларга қарши мудофаасини ташкил қилиш бўйича йиғилишда қабул қилинган. Йиғилишда мудофаа вазирлиги, миллий хавфсизлик бошқармаси, Штаб бошлиқлари қўмитаси, мудофаа ишланмалари бошқармаси вакиллари иштирок этган. Юн Сок Ёль мамлакат армияси КХДРга муносиб жавоб қайтарадиган потенциалга эга бўлиши лозимлигини таъкидлаган.
Мудофаа вазирлигига учувчисиз қурилмалар ёрдамида вазифаларни бажарадиган махсус бўлинма тузиш топширилган.
26 декабрь куни Шимолий Корея дронлари Жануб ҳаво чегарасини бузиб ўтиб, Сеул яқинига учиб борди.







