"Одамлар гапираверади, эътибор қилманглар" — боксчи Фазлиддин Ғоибназаров овга чиқди
Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг танқидларига сабаб бўлди.

Таниқли боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров 5 январь куни Instagram саҳифасига елкасида ов қуроли, оёқлари остида эса ўнга яқин қуш акс этган суратларни ҳамда ов жараёни акс этган видео жойлади.
Спортчининг мазкур суратлари Instagram кузатувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди. Кўплаб тармоқ фойдаланувчилари жонзотларга озор бериш яхши эмаслигини таъкидлаган бўлса, айримлар боксчидан бундай хатти-ҳаракатни кутмаганини таъкидлаган.
Боксчи ушбу ҳолат юзасидан масъуллар билан гаплашиб олганини айтиб, изоҳ беришни хоҳламаган.
«Эртага балиқ овласам ҳам, нега балиқ овладиларинг, деб ҳам ҳамма гапиради. Одамларга қўйиб берсаларингиз, тирноқ орасидан кир қидиради, тўғрими? (Қушлар) Қизил китобга киритилмаган-ку. Одамлар гапираверади, эътибор қилманглар», — деган спортчи.
Фазлиддин Ғоибназаров иштирокидаги мазкур ҳолатга ekologuz телеграм-канали ҳам эътибор қаратиб, спортчилар қушларни ўлдиришни эмас, балки уларни асраш, меҳр кўрсатишни тарғиб қилиши кераклигини билдирган.
«Боксчимиз овчилар ушюмасидан рўйхатдан ва овчилар учун қўйиладиган талаблардан ўтганми? Овда иштирок этганларнинг овчилик билетлари борми? Агарда ов қонунда кўрсатилган тартибда амалга оширилган бўлса, ушбу ҳужжатлар билан бизни ҳам таништиришса жуда яхши бўлар эди. Спортчиларимиз қушларни ўлдиришни тарғиб этмай, уларни асраш, дон бериш, жониворларга меҳр кўрсатишни тарғиб қилишса яхши бўлар эди. Чунки спорт бу — тинчлик элчиси, спортчимиз эса миссиясига хилоф равишда овни, ўлдиришни ижтимоий тармоқларда тарғиб қилмоқда. Спортчимизнинг мухлислари кўп, наҳотки бизнинг юлдузларимиз жониворларга нисбатан меҳрни тарғиб этишга қодир бўлишмаса?», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу телеграм-канал Табиат ресурслари вазирлигидан спортчи билан боғланиб, ҳолат юзасидан расмий муносабат билдиришларини сўраган.
Тошкент вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати ушбу ҳолатга нисбатан расмий муносабат билдирди.
«Ижтимоий тармоқларда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Фазлиддин Ғоибназаровнинг ов қилиб юрган ҳолати тасвирга олиниб тарқалган видео ва фотосуратлар юзасидан Тошкент вилояти Экология бошқармаси давлат инспекторлари томонидан тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинади», — дейилади хабарда.
Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун, 9 январь куни вазирлик масъулларининг Фазлиддин Ғоибназаров билан учрашиши режалаштирилган. Ҳолат бўйича тўлиқ маълумот мазкур учрашувдан сўнг берилиши таъкидланди.
P/S: айни пайтда ҳолат тасвирланган кадрлар спортчининг Instagram саҳифасидан ўчириб ташланган.







