Зангиотада текстиль цехи ёниб кетди
Воқеа жойига 37 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Бугун, 11 январь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги цехда ёнғин чиқди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 08:05 да Зангиота туманининг «Гулзор» МФЙ ҳудудида жойлашган текстиль цехида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга асосан ёнғин-қутқарув экипажлари соат 08:20 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 11:05 да қуршаб олинган ва соат 15:05 да бартараф этилган. Ёнғинни бартараф этишга 37 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган. Ёнғин ўчириш қисмидан ёнғин содир бўлган манзилгача масофа тахминан 15 километрни ташкил этади.
Ёнғин натижасида бинонинг 2-3 қаватлардаги 2900 квадрат метр ишлаб чиқариш майдонлари, ускуналар ва унда сақланаётган тайёр ҳамда ярим тайёр трикотаж маҳсулотлари ёниб зарарланган. Шунингдек, ёнғиндан бинонинг 11500 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси ФВВ раҳбарияти, вилоят ва туман ФВБ раҳбарияти чиққан.







