Вазият ўта жиддий: Хитойда охирги бир ойда ўн минглаб одамлар коронавирус қурбонига айланди
Асосан, ёши катталар вафот этмоқда. Февралда Пекин аҳолисининг 92 фоизи коронавирусга чалиниши прогноз қилинмоқда.

Хитойда 2022 йилнинг 8 декабридан жорий йилнинг 12 январига қадар COVID-19 билан боғлиқ 59938 та ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Хитой ОАВлари маълум қилди.
Уларнинг 5,5 минг нафари респиратор муаммолар оқибатида вафот этган, 54 минг ҳолатда эса коронавирус одамлардаги бошқа касалликларни кучайтириб юборган. Вафот этганларнинг ўртача ёши 80 ёшни ташкил этмоқда.
Олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, февралда Пекин аҳолисининг 92 фоизи COVID-19’га чалинади.
Декабрда Хитой расмийлари кўплаб карантин чекловларини бекор қилди. Оқибатда аҳоли орасида коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайди. Айрим маълумотларга кўра, мамлакатда 900 миллион аҳоли касалликка чалинган.








