РФ мудофаа вазирлиги томида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари пайдо бўлди
Бу нимани англатади?

Пайшанба куни Россия телеграм-каналларида мудофаа вазирлиги томига ўрнатилган "Панцирь-С1" ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими суратлари пайдо бўлди.
Ҳарбий таҳлилчилардан бири Майкл Боровиц суратлар иккита жойдан олинганини, биринчисида Фрунзе соҳил бўйидаги мудофаа вазирлиги тасвирланганини айтган.
Бошқа сурат "Таганская" метроси яқинида олинган. Бу ерда ҳарбий кийимдаги одамлар кран орқали "Панцирь-С1" ни кўтараётганини кўриш мумкин.
Ҳарбий блогер Борис Рожиннинг фикрича, бу эҳтимолий дронлар ҳужумини олдини олиш учун қилинмоқда.
Ўтган йили россиялик ҳарбийлар намойишкорона бомбапаналар қурганди. Бундан ташқари, Янги йил кечаси Москва осмонини ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа бўлинмаларининг 1800 ҳарбий хизматчиси қўриқлаши эълон қилинган.
2022 йилда Украина дронлари 2 марта Саратов вилоятидаги Энгельс аэродромига зарба берган. Бу ҳудуд Украина чегарасидан Москвага қадар тенг узоқликда жойлашган.
"Панцирь-С1" фуқаролик ва ҳарбий объектларни паст баландликда учадиган қурилмалар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.







