Самарқандда 1 млрд кредит “ухлатилди”
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.

Имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган шахслар аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда, “J.A.” МЧЖ раҳбари К.Р. ҳудудий тижорат банки филиалидан мебель жиҳозлари ва маиший техника воситаларини сотиб олиш учун 1 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, маиший техника воситаларини бошқа шахсларга нақд пулга сотиб юбориб, ушбу маблағларни талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Департаментнинг Балиқчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ЯТТ З.Ғ. ва бошқалар тижорат банки филиалидан тикувчилик дастгоҳларини сотиб олиш учун 245 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни “А.У.” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиш орқали нақдлаштириб олганликлари аниқланган.
Департаментнинг Боғот туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “I.T.”, “I.Y” МЧЖ раҳбари В.Ф. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат банки филиалидан 5 нафар фуқаро номига уларнинг хабардорлигисиз мототранспорт ва бошқа асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 157,8 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.








