Самарқандда келин-куёвнинг ўлими юзасидан текширув бошланди
Ҳолат бўйича Бош прокуратура қўшимча маълумот берди.

Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Аниқланишича, 16 январь куни Каттақўрғон тумани Олтинсой қишлоғида яшаган 26 ёшли эркак ва унинг 18 ёшли турмуш ўртоғи яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Шу куни марҳумлар яқин қариндошлари томонидан дафн этилган. Бироқ Каттақўрғон тумани ИИБ ва тиббиёт бирлашмасига ҳам келин-куёв вафот этганлари ҳақида хабар келиб тушмаган.
Марҳумларнинг яқинлари ушбу ҳолат ҳақида ички ишлар органлари ва бошқа ташкилотларга хабар бермаганликлари аниқланган.
Текшириш давомида Каттақўрғон туман ИИБ, туман ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими, туман Оила ва хотин қизлар бўлими ҳамда «Самарқанд ҳудудгаз» корхонасига хизмат текширувлари тайинланган.
Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, марҳумларнинг ўлим сабабларига аниқлик киритилмоқда. Текшириш ҳаракатлари давом этмоқда.








