Андижонда фуқаролар “свет” йўқлигидан норози бўлиб, йўлни тўсиб қўйгани айтилди
Ҳолат юзасидан ҳокимлик тушунтириш берди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрида маҳаллий аҳоли газ ва электр йўқлигидан норози бўлиб, машиналар йўлини тўсиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат Андижон шаҳар “Саноат” МФЙ ҳудудида тасвирга олинган ва видеолавҳада гўёки инсонлар томонидан йўл тўсиб қўйилгандек шарҳ берилган.
Мазкур маҳалла темирйўл вокзали яқинида жойлашган бўлиб, йўлни тўсилиши аслида йўл ўтказгич қурилиши билан боғлиқ. Лавҳадаги фуқаролар электр энергиясида рўй берган носозлик сабаб мутасаддилар билан суҳбатлашишга йиғилган.
“Видеолавҳа тарқалишидан 30 дақиқа олдин маҳаллада электр носозлиги бартараф этилиши бошланган. Аҳолини иссиқ чой, қаҳва ҳамда егуликлар билан таъминлаш ишлари ҳам ташкил этилган”, — дейилади хабарда.








