Консерва орқасидан миллиардлар: Путинга яқин тадбиркорлар бойишда давом этмоқда
Россиянинг қатор йирик бизнесменлари ва амалдорларига яқин одамлар давлат захираларига маҳсулот етказиб бериб, катта даромад оляпти.

Путиннинг яқинлари Давлат резервлари ҳисобига бойимоқда. Бу ҳақда "Проект" нашри маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, тор доирадаги бизнесменлар Давлат захиралари бўйича федерал агентлик савдоларига аралаша олади. Улар бу ерда энг йирик лотларни бўлишмоқда.
Масалан, халқаро самбо федерацияси раҳбари ва Владимир Путиннинг дзюдодаги спарринг шериги Василий Шестаков консерваланган гўшт ва кўмир етказиб бериш орқали даромадини оширяпти. Яна бир бизнесмен Аркадий Ротенберг жамоаси вакили гўшт, пахта ва туз сотиш билан шуғулланмоқда. Россия собиқ бош прокурори Юрий Чайканинг оиласи эса Давлат захираларидаги ёқилғи ва металлар савдоси билан боғланган; РФ хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев яқинлари гўшт ва балиқ консервалари етказиб беради.
Росрезервда қандай турдаги товарлар сақланиши давлат сири ҳисобланади. Россияда ҳарбий сафарбарлик фонида таъминот билан боғлиқ муаммолар бошлангач, ушбу ташкилот фаолиятига оид кўплаб саволлар пайдо бўлди.







