Гуттериш афғон аёлларини таълимга қайтаришга чақирди
Толиблар ўтган йили хотин-қизларнинг университетларга боришини тақиқлаб қўйганди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш «Толибон» ҳаракатининг Афғонистонда аёлларнинг университетлар, ўрта ва ўрта мактабларда ўқишини тақиқлаш қароридан хавотир билдирди. Бош котиб бу амалиётни бекор қилишга чақирди.
"Таълимга тўсиқлар яратувчи барча камситувчи қонунлар ва амалиётларга барҳам бериш вақти келди. Мен «Толибон»ни Афғонистондаги қизлар ва аёлларнинг ўрта ва олий таълим олишига қўйилган ғазабли ва зарарли тақиқни олиб ташлашга чақираман", — деб ёзди у Твиттер саҳифасида.
Толиблар ўтган йили афғон аёлларининг университетда таълим олишини тақиқлаганди. Уларнинг мактабга бориши эса 2021йилдаёқ ман этилган.







