Совуқ кунларда электр тармоқларида юзага келган носозликларнинг 90 фоизи бартараф этилди
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги масъул ходими маълум қилди.

АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги масъул ходими Обиджон Дилмуродов истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, кеча, 24 январь куни электр станциялар орқали 228 млн 600 минг кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, истеъмолчиларига 229 млн 200 минг кВт-соат электр энергияси етказиб берилди.
Шунингдек, газ таъминоти корхоналари томонидан 148 млн куб метр табиий газ ва 2000 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ҳозирда ҳудудларда 3 600 тонна суюлтирилган газ ҳамда 23 500 дона газ баллонлари захираси мавжуд.
Истеъмолчиларни кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 3000 тонна маҳаллий кўмир ҳудудлардаги омборларига ортиб юборилди.
Газ тармоқларида табиий газ босими кўтарилиши натижасида 1 кунда 65 та маҳалладаги 22 716 та хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланди.
Бугунги кунда Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг айрим хонадонларида газ босимини меъёрга келтириш ишлари давом эттирилмоқда.
Газ тармоқларида содир бўлаётган аварияларни бартараф этиш ишлари истеъмолчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, вазирлик ва тизим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳудудларга сафарбар этилган бўлиб, истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган ва кузатилаётган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1 000 дан ортиқ махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар жойларда муаммолар тезкорлик билан бартараф этилишини таъминламоқда.







