"Yoshlar-kelаjagimiz" жамғармаси филиалининг собиқ бошлиғи келажагини барбод қилди
У 1 миллиарддан ортиқ пулни "ухлатди".

"Yoshlar-kelаjagimiz" жамғармаси Қашқадарё вилояти филиалининг собиқ бошлиғи Қарши шаҳридаги фаолият кўрсатувчи МЧЖ раҳбари билан жиноий тил бириктириб, филиалнинг 1 миллиард 800 миллион сўм пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти прокуратураси хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167- ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Терговнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.
Тергов якуни бўйича батафсил ахборот берилади.







