Энди чиқинди газидан электр энергияси ишлаб чиқарилади
Бу борадан Ўзбекистон Корея билан ҳамкорлик қилади.

Айни кунларда Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегация мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Пойтахтимизда Табиат ресурслари вазири ўринбосари Н.Обламурадов, Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари А.Ахмедхаджаев, Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи О.Хамраев ҳамда Сежин Г&Э компанияси раиси Лее Кёунг Еон иштирокида Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасида барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, айниқса экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар юқори самара бераётганини таъкидлашди.

Айтиш ўринлики, Корея давлатининг нуфузли Сежин Г&Э компанияси иштирокида 55 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ҳисобига Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқиндилар полигонида ҳосил бўладиган чиқинди газидан умумий ишлаб чиқариш қуввати камида 16 МВт бўлган электр энергияси ишлаб чиқарадиган замонавий лойиҳанинг амалга оширилаётгани ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганининг яққол далилидир.

Тадбир давомида Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши бошланиши олдидан рамзий тасма кесиш маросими ўтказилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида, нафақат мамлакатимизда балки Марказий Осиё минтақасидаги ягона бўлган йирик маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш станцияси ташкил этилади.







