Human.uz'чилар қаерда?
Сайт раҳбарияти номаълум орган ходимлари томонидан олиб кетилгани айтилмоқда. Кенг жамоатчилик улардан хавотирда.

Бугун соат 10:00 атрофида Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва сайтнинг бошқа ходимлари ўзини “орган ходимлари” деб таништирган инсонлар томонидан Human.uz сайтининг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан олиб кетилгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Унда маълум қилинишича, “oрган ходимлари” томонидан офисдаги эшиклар бузиб кирилган ва айни дамда барча маълумотлар, қурилмалар тинтув қилинган.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эканлигини маълум қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу масала бўйича изоҳ берилишини ҳамда журналистлар хавфсизлиги, шунингдек, уларнинг профессионал фаолиятига қонуний муносабатда бўлиш лозимлигини сўраган.
Айни вақтда, Human.uz сайти таҳририяти тўсатдан ва огоҳлантиришларсиз олиб кетилган барча инсонлар саломатлиги ва ҳолатидан қаттиқ қайғудалигини маълум қилган. Уларнинг ҳеч бирига алоқага чиқишнинг иложи бўлмаяпти.







